Қонунни бирданига уч ўқишда қабул қилишдан муддао нима?

Жаҳон банкининг куни кеча эълон қилинган йиллик “Doing Business 2020” халқаро рейтингида, 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 69,9 балл тўплаб, 69-ўринни эгаллади.

Ўтган йили худди шу рейтингда 76-ўринга лойиқ топилган мамлакатимиз бир йил ичида 7 поғонага юқорилагани юксак натижа, албатта. Бу соҳада барча йўналишлар бўйича юқори ўсиш суръатига эришган давлатимизда, афсуски, айнан тўлов қобилияти кўрсаткичлари бўйича олдинга силжиш эмас, аксинча, пасайиш кузатилди: бу борада ўтган йилги 91-ўриндан бу сафар 100-ўринга муносиб кўрилдик.

Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Ўзбекистон 2022 йилга қадар бу йўналишдаги халқаро рейтингда дунё давлатлари орасида биринчи 20 таликка кириши лозим, деган аниқ вазифа қўйилган.

Демак, “Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш” кўрсаткичи бўйича дунё миқёсидаги нуфузимизни мустаҳкамлаш, юқори ўринларни эгаллаш масаласида ҳам ҳали олдимизда турган вазифалар кўп. Бу борада, энг аввало, қонуний асосларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботининг “Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш” кўрсаткичи бўйича мамлакат рейтингини яхшилашга каратилган “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам шу, аслида.

Қонунчилик палатасининг жорий йил 24 октябрдаги ялпи мажлиси муҳокамасига биринчи ўқишда қўйилган мазкур қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Унинг долзарблиги ва муҳим аҳамиятидан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан лойиҳани бирданига қабул қилиб, уни тезроқ амалиётга жорий қилиш лозим, деган таклиф билдирилди. Натижада, қонун бирданига уч ўқишда қабул қилинди.

Хўш, ушбу қонун нормаларида қандай тартиб-таомиллар белгиланган, деган савол туғилиши табиий. Демак, мазкур қонуннинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат:

- банкротликнинг ҳар бир таомилини олиб бориш муддатлари қисқариб, айрим босқичлари соддалаштирилади;

- банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш учун қарздор ва кредиторлар томонидан иқтисодий судга соғломлаштириш ёки тугатиш таомилларидан бирини қўллаш бўйича ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқи берилмоқда. Сабаби, амалда қарздор ва кредитор корхонани сақлаб қолиш, уни соғломлаштиришдан манфаатдор бўлишига қарамай, судга уни фақат тугатиш бўйича мурожаат қилиш мумкинлиги белгиланган эди;

- бундан ташқари, банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган субъектларнинг иш қўзғатилишидан аввал тузилган битимларни давом эттириш, шунингдек, қарздорга ёки кредиторларга зарар етказувчи ва қарздорга манфаат келтирмайдиган битимларни бекор қилиш бўйича аниқ нормалар киритилмоқда.

Яна бир муҳим масала, бу кредиторлар овоз беришда гуруҳларга бўлиш ва ҳар бир кредитор гуруҳининг овозлари алоҳида инобатга олиш амалиёти жорий этилаётганидир. Хусусан, суд санацияси режасини тасдиқлашда қарши овоз берган кредиторнинг талаби, соғломлаштириш таомиллари самара бермасдан тугатиш таомилига ўтганда унинг илгариги талабидан кам бўлмаган миқдорда қопланишини кафолатланмоқда. Ваҳоланки, кредиторларнинг тоифаларга бўлинмагани, уларнинг овоз беришдаги ҳуқуқлари аниқ белгиланмагани, соғломлаштириш режасини тасдиқлаш учун овоз бериш жараёнида кредиторларнинг талабларини адолатли равишда қондиришдаги ҳуқуқларини чеклаб келмоқда.

Шунингдек, қонун иқтисодий ночор хўжалик юритувчи субъектларнинг тўловчанлик қобилиятини тиклаш ўрнига, муаммони фақат уларни тугатиш билан ҳал қилиш таомилига барҳам беришга хизмат қилади.

Бу омиллар, ўз навбатида, амалиётда бизнес юритиш муҳитини яхшилаш, корхоналарни соғломлаштириш орқали аҳоли иш жойларини сақлаб қолиб, халқимиз фаровонлигини таъминлаш билан бир қаторда, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботининг “Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш” кўрсаткичи бўйича:

— қарздорликнинг қайтарилиш кўрсаткичини 34,4 баллдан – 39 баллга;

— норматив ҳуқуқий ҳужжатлар самарадорлиги индексини
8 баллдан 16 баллга етказилишига хизмат қилади.

Шу ўринда, айрим оммавий ахборот воситалари орқали ушбу қонун билан қонунчиликдаги “банкротлик” термини “тўловга қобилиятсизлик” атамаси билан алмаштирилаётгани ҳақида тарқатилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини, бу икки термин турли маъноларни англатишини алоҳида таъкидлаш лозим.


Элдор ТУЛЯКОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

| 3434 28.10.2019



×
Портал харитаси