- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9248
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7905
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7630
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6756
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6419
Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар ҳуқуқ нормаларга асосланади. Давлат бошқаруви норма ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш орқали рўёбга чиқади. Норма ижодкорлиги фаолияти ўзига хос, мураккаб жараён бўлиб, ҳуқуқ нормаларининг ҳаётий ва халқчил бўлиши айнан мазкур жараёнга бевосита боғлиқ.
Бу борада ўтган йилнинг 8 август куни давлатимиз раҳбарининг Фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Концепция мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятининг янги даврини бошлаб берди.
Мазкур концепция асосида охирги йилларда норма ижодкорлиги жараёни мутлақо янги тус олди. Ижтимоий муносабатларни аввалги ўзини оқламаган тарқоқ ҳолда тартибга солиш амалиётига барҳам берилмоқда. Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг сифати ошмоқда, уларни тартибга солишдаги аҳамияти кучаймоқда. Ҳуқуқий коллизияларга, уни қўллашда турлича талқин қилиш ҳолатларига йўл қўйилмаяпди. Энг муҳими, норматив-ҳуқуқий хужжатларни қабул қилишда жамоатчилик фикри олинмоқда.
Норма ижодкорлиги концепциясини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилиш учун тайёргарлик ишлари якунланмоқда. Мазкур қонунда эндиликда қонун хужжатларини қабул қилишнинг асослари ва тартиби, қонуности хужжатларининг тартибга солиш доираси аниқ белгиланмоқда. Унга кўра қонун билан тартибга солинадиган масалалар бўйича қонуности хужжатларини қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида жамоатчилик фикрини ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда. Эндиликда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари, мажбуриятларига дахлдор, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига, атроф-табиий муҳитга таъсир қилувчи лойиҳалар бўйича мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади.
Айни пайтда, қонун лойиҳасида иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик экспертизаларни ўтказиш механизмлари, шунингдек коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиби қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни режалаштириш, ишлаб чиқиш босқичларида уларнинг таъсирини мажбурий баҳолашни назарда тутувчи принципиал янги тизим жорий этилмоқда. Унга кўра, эндиликда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ижро этиш, содда қилиб айтганда, «неча пулга тушиши» таҳлил қилинади.
2019 йил 11 ноябрь куни парламент қуйи палатасида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ана шундай муҳим масала муҳокамасига бағишланди.
Йиғилишда Комиссия аъзолари, депутатлар, сенаторлар, Олий суд, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятига дахлдор давлат органларининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Комиссия йиғилишида жорий йилнинг 26 март куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарорлари билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётини амалиётда қўлланиш натижалари муҳокама қилинди.
Мазкур Ягона услубиёт парламент томонидан 60 дан ортиқ вазирликлар, давлат қўмиталари ва тегишли идоралар эътиборига етказилган бўлиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нафақат техник жиҳатларини, балки уларда акс этиши зарур бўлган таркибий қисмларни, шунингдек ҳужжатга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материаллар мазмунига қўйилган талабларни ҳам аниқ белгилаб берилган.
Ягона услубиётнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида туркум семинарлар ташкил этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини ўтказишда ушбу Ягона услубиёт қоидаларига риоя қилинмоқда.
Бироқ, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда Ягона услубиёт талабларини бажаришда айрим муаммолар ҳам келиб чиқмоқда.
Бунда Ягона услубиётнинг юридик кучи қонун даражасида эмаслиги хам сабаб бўлмоқда. Маълумки, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарорларининг юридик таъсир кучи чекланган, яъни қонун даражада эмас.
Шу сабабли ушбу Ягона услубиётнинг юридик мақомини кучайтириш масалаласи комиссия аъзолари томонидан батафсил муҳокама қилинди.
Комиссия, Ягона услубиётни бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирда кўриб чиқилаётган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасига илова қилган ҳолда тасдиқлашни мақсадга мувофиқ деб топди.
Шунингдек, йиғилишда парламент томонидан тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, идоравий ҳуқуқий ҳужжатларнинг салмоғи камаймаётгани қайд этилди. Мисол учун, бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш масалалари ўнга яқин турли юридик кучга эга қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.
Бу борада Адлия вазирлиги томонидан «тартибга солиш гильотинаси» каби янги принципиал тизимни амалиётга жорий этиш мақсадида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бугунги кунда ўз долзарблигини йўқотган 390 дан ортиқ ҳужжат бекор қилинди.
Йиғилишда қонунчиликни тизимлаштириш бўйича халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари, халқаро шартномалар талабларининг ягона оммабоп рўйхатини шакллантириш борасида олиб борилган ишлар ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, бунда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тезкор равишда етказиб бериш, уларни электрон базаларга жойлаштириш ва шарҳлаш, лойиҳаларни манфаатдор идоралар билан келишишда ягона электрон тизимга ўтиш ҳамда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимини модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 1 январь куни синов тариқасида ишга туширилган «Қонун ҳужжатларининг таъсирчанлигини баҳолаш тизими» порталининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимининг бугунги кундаги самарадорлиги ҳолати таҳлил қилинди.
Қизғин муҳокама асосида кечган йиғилиш якунида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.