- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9256
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7918
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7638
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6766
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6427
МСК Халқаро матбуот маркази. Соат: 21.00. 2020 йил 22 декабрь.
Азиз Ватандошлар!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўйича ташкил этилган мамлакатимизда барча сайлов участкаларида соат 20.00да овоз бериш якунланди.
Фақат Ўзбекистон Республикасининг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, сайловларда Ўзбекистон ҳудудидаги 18 797 810 нафар сайловчидан 13 355 911 нафари иштирок этди.
Бу Ягона электрон рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 71,1 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Чет элда овоз берган ватандошларимиз сони ҳақида эртага маълумот берамиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига биноан, сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида ўттиз уч фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган.
Демак, Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади.
Бугун бўлиб ўтган сайловлар халқимизнинг улкан тарихий ютуғидир.
Бу - ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистон халқининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бораётганининг тасдиғи, халқимизга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодасидир.
Шунингдек, кўп миллатли Ўзбекистон халқи давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги намоёнидир.
Халқимизни янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги сайловлари муваффақиятли ўтгани билан Марказий сайлов комиссияси номидан самимий қутлаймиз!
Қадрли анжуман иштирокчилари!
Сайловларда бевосита иштирок этган сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда журналистлар томонидан сайловлар миллий сайлов қонунчилигимиз, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби демократик принципларга мос ҳолда ўтганлиги кенг эътироф этилмоқда.
Сайлов жараёнлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 60та сайлов участкаларига тажриба-синов тариқасида ўрнатилган 120 та видеокамералар орқали онлайн транслация қилинди. Шунингдек, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан теле ва радио репортажлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.
Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1155 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари томонидан кенг ёритилди.
Хабарингиз бор, сайловлар жараёнларида ўнта нуфузли халқаро ташкилотдан, дунёнинг элликка яқин давлатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчи иштирок этди.
Бундан ташқари, сайловларда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд кузатувчи қатнашди.
Фурсатдан фойдаланиб, сайловчиларимизга, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига, барча сайлов комиссияларининг 180 мингга яқин аъзоларига Марказий сайлов комиссияси номидан самимий миннатдорлик билдиришга ижозат этгайсиз.
Сайлов участкаларида сиёсий партияларнинг номзодларига берилган овозлар санаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.
Эртага, яъни 23 декабрь куни соат 14:00 да бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.
Эътиборингиз учун раҳмат!