Болаларнинг давлат органларига мурожаатлари қай тарзда кўриб чиқилади?

Мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

        Болаларнинг давлат органларига мурожаатлари қай тарзда кўриб чиқилади?

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 4 февралда ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар тегишли қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни батафсил кўриб чиқдилар.

Чунончи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш таъқиқланмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу болалар ҳуқуқларини таъминлаш баробарида, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисида киритилаётган қоида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Таъкидлаб ўтилганидек, бугун ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳимоясини таъминлаш борасида айрим муаммолар кўзга ташланмоқда. Мазкур қоиданинг киритилиши Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг келажакдаги ҳаётини яхшилаш, айримларининг ота-онасидан мерос қолган мулк ҳуқуқини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.

Солиқ кодексига киритилаётган судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида ҳам, депутатлар томонидан қайд этилганидек, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадига қаратилгани билан аҳамиятли. Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган қоида ҳам мазмун-моҳияти жиҳатидан долзарб. У билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси депутатлар қайд этганидек, ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишини таъминлашга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, депутатлар мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

| 487 04.02.2020



×
Портал харитаси