Президент олимлар билан очиқ мулоқот қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашди.

Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, жорий йилда эса, ҳаммамизга маълум, йил номига муносиб равишда бундай эътибор кучайтирилади. Соҳадаги долзарб масалалар ҳал этилиб, илмий-тадқиқот фаолияти қўллаб-қувватланади. Янги илмий муассасалар ва йўналишлар ташкил этилиши шулар жумласидан.

2019 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Уни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий платформасини яратиш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши ташкил этилди.

Фанлар академияси ва унинг институтларига “янгидан ҳаёт бахш этиш” натижасида тизимдаги илмий муассасалар сони 20 тадан 35 тага етди. Академияга сайловлар қайта тикланди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди, бир қатор инновация марказлари, илмий кластер ва технопарклар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган уч йилда илм-фан соҳасини молиялаштириш 4 карра кўпайди. Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг иш ҳақлари 3 баробар оширилди. Фан доктори ва номзодлари учун алоҳида устама ҳақ белгиланди.

Жорий йилдан Фанлар академияси тизимидаги ташкилотлар тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди.

Бугунги учрашувда давлатимиз раҳбари илм-фан вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлади.

– Энди олимларимиз ҳам масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, тадқиқотларнинг амалий натижалари билан тегишли соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшишлари лозим. Нуфузли академиклардан ҳам, илм-фан соҳасига илк қадам қўяётган ёш олимлардан ҳам катта шижоат ва амалий натижадорлик қилиш талаб этилади, – деди Президент.

Учрашувда математика, кимё-биология ва геология илмини ривожлантириш, келгуси йиллардаги тараққиёт йўналишларини белгилаш тўғрисида очиқ мулоқот бўлмоқда.

| 3232 31.01.2020



×
Портал харитаси